Жаҳолатга қарши маърифат

ЁШЛАРНИ ЗАРАРЛИ ИЛЛАТЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ – ДИНИМИЗ ТАЛАБИ!

ЁШЛАРНИ ЗАРАРЛИ ИЛЛАТЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ – ДИНИМИЗ ТАЛАБИ!

  Бугунги кунда ёшларнинг турли мафкуравий таъсирлар нишонига айланиши ва турли оқимларга кириб қолишларининг асосий сабаблари: диний илмларни ўрганиш учун муносиб устоз танламаслик, ишонувчанлик, айрим ҳолларда қайсарлик ва шон-шуҳратга тез эга бўлишга ҳаракат қилишларидир. Бу омиллардан эса бузғунчи ғояларнинг тарафдорлари унумли фойдаланиб қолмоқдалар.

Муқаддас динимиз шунинг учун ҳам фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий таълим-тарбиясига кучли аҳамият беришга ундайди. Хусусан, Қуръони каримда мингдан ортиқ оятлар одоб-аҳлоқ, тарбия ва илмга алоқадорлиги инсонни баркамолликка етаклайдиган мезон бўлса, фарзанд тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратилиши динимизни нақадар мукаммал эканлигини кўрсатиб беради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

 “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган оловдан сақланг” (“Таҳрим” сураси 6-оят).

Шунингдек, баъзи оилаларда фарзандларининг телевизор ёки телефонлардан қандай фойдаланаётганига аҳамият қаратмайдилар. Уларнинг фарзандларини ўзлари эмас, балки ўша техник жиҳозлар “тарбияламоқда”. Ҳар бир ота болалари тарбияси учун жавобгар эканини унутмаслигимиз ва охиратда бу ҳақда айнан ота сўралишини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак! Бу ишлари эса – аҳлини, оятда айтилганидек, дўзахдан сақлаш эмас, балки дўзахга рўбарў қилишдир! Ҳар бир ота-она фарзанди дунёда бахт-саодатли, илм-маърифатли, обрў-эътиборли бўлишини хоҳлайди, охиратда эса жаннатий бўлиши орзусида бўлади. Шундай экан, ҳар биримиз ёшларимизни одоб-ахлоқли, илм-маърифатли қилиш билан биргаликда, Яратганни танитиб, Пайғамбари ким, дини нима, имон калимасини биладими, мазҳаби қайси, мазҳабида маҳкам туриш лозимлиги, ҳар хил бузғунчи оқимлардан жиддий эҳтиёт бўлиш каби зарурий нарсаларни ўргатишимиз ҳам керак. Чунки мусулмоннинг фарзанди буларни билмаслиги ота-оналарининг камчилиги ҳисобланади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: 

“Киши фарзандига одоб бериши – бир соъ  эҳсон қилишидан афзалдир” (Имом Термизий ривоятлари). (Бир соъ – тақрибан 4 килограммдир).

Фарзандларга илм бериш борасида эса Муъоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу шундай дейдилар:

“Билмаганга илм ўргатиш – садақадир”.

Фарзандларини ёмон хулқли кимсалар таъсиридан ҳимоя қилиш ҳам – ота-онанинг бурчидир! Ота-она фарзандларига яхши, ростгўй дўст танлашда ёрдам бериши керак. Чунки ўспиринлик вақти инсоннинг феъл-атвори ва руҳияти шаклланадиган асосий давр ҳисобланади. Бундай пайтда дўстларнинг таъсири катта бўлади.

Бу борада ҳазрати Умар ўғилларига шундай насиҳат қилдилар: “Имон-эътиқодли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин! У муҳтожлигингда – ёрдамчинг, қийин кунларингда – қўлловчинг, маъюслигингда – қувончинг, хотиржамлигингда – зийнатинг бўлади”.

Аллоҳ таоло юртимиз ёшларини улуғ бобокалонларимиз ишларининг муносиб давомчилари бўлиб вояга етишларида Ўзи мададкор бўлсин ва диёримизни турли-туман ғаразли мақсадларда кириб келаётган фитналардан омонда қилсин.

Икромжон Раҳмонов,
Поп тумани “Якк тут” жоме 
масжиди имом хатиби.