Аллоҳ таолонинг иродаси билан дунёга келган ҳар бир инсон миллати, тили ва динидан қатъий назар, бу дунёда бахтли-саодатли яшагиси келади. Бундай юксак орзуга етишишнинг шарти ва гарови бўлган омиллар жуда кўп. Улар орасида ҳаётимизга маъно-мазмун берадиган, уни янада ёруғ ва фойдали қиладиган бир омил борки, у ҳам бўлса, инсоннинг ўз оиласидир. Оила жамиятнинг асоси ҳисобланади
Оилага тайёрлаш фарзанд дунёга келганданоқ бошланади.
Бешикда ётган болани сабрга, қаноатга ўргатилгани то у улғайгунгача тарбия давом этади.
Яшашимиз ва ҳаёт тарзимиз анча ўсди. Бир вақтлар оилаларга орзу бўлган моддиётлар арзимас мато сифатида кўрилияпти.
Баъзан ёшларнинг юриш-туриши, айниқса, кийинишини кўриб, ўйланиб қоламан. Наҳотки шу қиз ёки йигит бизнинг тарбиямизни олиб ўсган бўлса? Баъзи қизларимиз миллатимизга хос бўлмаган либосларни кийиб юриши, миллийникни кўрмайсиз. Тўғри, қандай кийиниш ҳар кимнинг шахсий иши. Бироқ кийинишда маданият, халқимизнинг қадим қадриятларига ҳурмат бўлиши керак. Бу борада кенг жамоатчилик, айниқса, оилада ота-онанинг назорати муҳимдир.
Бугун аксарият ёшларимиз бўш қолди дегунча дарров қўл телефони билан машғул бўлиши одатий ҳолга айланиб қолди. Қандайдир ўйин ўйнайди, қўшиқ эшитади, фильм томоша қилади, ижтимоий тармоқлардаги турли-туман маълумотлар билан танишади. Бунинг нимаси ёмон, техника даври, тараққиёт дерсиз? Тўғри, бунинг ёмон томони йўқ. Тан олишимиз керак, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, айниқса, интернет тараққиёт даражамизни бир неча поғонага кўтарди, узоғимизни яқин, ишимизни енгил қилди.
Лекин ёшларимизнинг уяли телефонга асир бўлиб қолаётгани, интернет ва ижтимоий тармоқлардан, улардаги маълумотлардан оқилона фойдаланишлари борасида жиддий ўйлаб кўришимиз керак бўлган жиҳатлар талайгина.
Ёшларимизнинг мобиль телефон, интернетга бу қадар боғланиб қолишларини асло оқлаб бўлмайди. Бу энг аввало, уларнинг саломатлигига, маънавиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Интернет тармоқларида алдов ва ғаразли мақсадлар йўлида тарқатилаётган турли маълумотларга айрим ёшларимиз осонгина ишонмоқда. Натижада оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата олмай, кимларнингдир қурбонига айланаётир.
Шу ўринда, ота оилани таъминламаса, фарзандлар тарбияси бузилади, деган ақидани унутиб қўймаслигимиз лозим. Бирор бир иш билан машғул бўлмай хотини, фарзандлари топган пулга чойхоналарда ўтириб ош ейдиган ва бундан асло хижолат бўлмайдиган эркаклар орамизда, афсуски бор. Ана шундай муҳитни кўриб ўсаётган фарзандлар ёки фақат онаси орқали таъминланаётган бола отасининг гапини гап ўрнида қабул қилмайди. Ёхуд ота куни билан бекор юрсаю овқат пайтида дастурхонда ҳозир бўлса? Бундай оталар фарзандларига қандай ибрат бўла олади?
Айрим оилаларда тўйдан ҳеч қанча ўтмай, турли муаммолар юзага келмоқда. Куёвнинг тайинли бирор иши йўқлиги, оилага бош бўлиш, оилани моддий таъминлаш лаёқатига эга эмаслиги, келиннинг эса оила тутумларини яхши билмаслиги уларнинг оила деб аталмиш муқаддас қўрғонга юзаки қарашлари қатор муаммолар келтириб чиқармоқда. Шу боис ҳам вилоятимизда қайд этилаётган ажримларнинг аксариятини ёш оилалар ташкил этаётир.
Ажримларга сабаб бўлаётган яна бир жиҳат бу – мол-дунёга ҳирс қўяётганимиз. Қизларимизга ҳамма нарсани муҳайё қиляпмиз, бекаму кўст турмушга узатяпмиз. Лекин айрим қизларимизнинг уқувсизлиги, оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги, янги оилага, унинг муҳитига кўника олмаётгани сабаб турли низолар келиб чиқаётгани ҳам бор гап. Касалликни ўзимиз яратиб, сўнг унга даво излашга мажбур бўляпмиз.
Юқоридаги каби ҳолатлар ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича ҳали жуда кўп ишлар қилишимиз кераклигини кўрсатади.
Довудхон Икрамов
Наманган шаҳар “Мавлоно Алиюлқори” жоме
масжид имом ноиби