Таълим тарбия

ЁШЛАРНИ ИЛМ-МАЪРИФАТГА ЧОРЛАЙЛИК!

ЁШЛАРНИ ИЛМ-МАЪРИФАТГА ЧОРЛАЙЛИК!

Бугунги кунда жамият тараққиёти, давлатнинг қудрати ва миллатнинг келажаги аввало ёш авлоднинг қандай тарбия топаётганига боғлиқ. Айниқса, ёшларни илмли, онгли ва юксак маънавиятли қилиб вояга етказиш энг устувор вазифалардан биридир. Чунки илмли ёш — юртнинг таянчи, келажак бунёдкоридир. Илм — юксалиш калити. 

Илм-маърифат — инсон камолоти ва жамият тараққиётининг энг мустаҳкам пойдеворидир. Азалдан халқимиз илмли, маърифатли инсонларни улуғлаб келган. Чунки илм инсонни жаҳолатдан ва халокатдан қутқаради, тўғри йўлни кўрсатади ва келажакка ишонч билан қадам ташлашга ёрдам беради. Айниқса, бугунги шиддат билан ривожланаётган замонда ёшларни илм-маърифатга чорлаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифага айланган.

Бу йўлда устоз ва мураббийларни ўрни беқиёсдир. Шунинг учун ёшлар фақат дарслик билан чекланиб қолмасдан, қўшимча китоблар ўқиши, чет тилларини ўрганиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашида устозлар изидан боришлари зарур. Илмга сарфланган вақт ва маблағ ҳеч қачон зое кетмайди. 

Ёшлар — юрт келажаги, миллат таянчи. Уларнинг билимли, онгли, мустақил фикрлайдиган ва замонавий касб-ҳунар эгалари бўлиб етишиши мамлакат равнақи учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Илмга интилган ёш на фақат ўз ҳаётини, балки жамият тақдирини ҳам яхшилашга ҳисса қўшади. Шунинг учун ҳар бир ёш ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, билим олишни ҳаётининг асосий мезонига айлантириши лозим.

Илм-маърифат инсон қалбини нурга тўлдиради, уни юксак ахлоқ ва маданият сари етаклайди. Билимли инсон ёмон ғоялар, зарарли одатлар ва турли мафкуравий хуружларга қарши тура олади. Айниқса, ахборот асрида ёшлар интернет ва ижтимоий тармоқларда учраётган нотўғри маълумотларни тўғри ажрата билиши учун чуқур билим ва тафаккурга эга бўлиши шарт.

Бу йўлда ота-она, устоз ва жамоатчиликнинг ўрни беқиёс. Оилада илмга муҳаббат уйғотилса, мактаб ва олий таълим муассасаларида сифатли таълим ва тарбия берилса, ёшларнинг келажаги албатта ёруғ бўлади. Устознинг бир оғиз сўзи, ибратли хулқи ёш қалбда умрбод ўчмас из қолдириши мумкин. 

Устоз — ёшлар қалбига илм нурини сочувчи зот. Меҳр билан дарс берган, ҳар бир ўқувчининг қобилиятини кўра олган ўқитувчи жамиятга катта хизмат қилади. 

Шунингдек, жамиятда олимлар, зиёлилар, ўқитувчилар қадрланса, ёшларда ҳам илмга ҳавас ортади. Шунинг учун ёшларимизни илимлий бўлишлари учун уларни кўпроқ турли фан тўгараклари, мусобақалар, олимпиадалар, кутубхоналар фаолияти ёшларнинг билим салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутади. Бўш вақтни мазмунли ўтказиш ҳам ёшларни турли салбий таъсирлардан ҳимоя қилади.

Динимиз ҳам илм олишни улуғлайди. Исломда илм олиш ҳар бир мусулмон учун фарз экани таъкидланади. Бу эса илм-маърифатнинг нақадар юксак қадрият эканини кўрсатади. Илм билан қуролланган инсон ҳам дунёда, ҳам охиратда муваффақиятга эришади.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларни илм-маърифатга чорлаш — барчамизнинг умумий вазифамиздир. Билимли, маърифатли ёшлар бор экан, юртимиз тараққий этади, келажагимиз янада порлоқ бўлади. Бу йўлда оила, мактаб, устоз ва бутун жамият биргаликда ҳаракат қилсагина мақсадга эришамиз. Илмли ва маънавий баркамол ёшлар бор экан, юртимиз равнақи ва халқимиз фаровонлиги таъминланади.                                                                     

Фазлиддин Камолов,
Учқўрғон туман “Абдулхамид хожи Абдуррахмон ўғли” 

жоме масжиди имом хатиби