Ҳар бир жамиятнинг тараққиёти, миллатнинг келажаги унинг ёш авлод тарбиясига боғлиқ. Ёшларни маънавиятли, билимли ва етук қилиб тарбиялашда эса устоз-мураббийларнинг хизмати беқиёсдир. Чунки устозлар — илм чироғини ёқувчи, маърифат ва ҳикмат эшигини очувчи, қалбларни нурга тўлдирувчи буюк шахслардир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда илм аҳлини мақтаб шундай марҳамат қилади:
"Аллоҳдан фақат илм соҳибларигина (ҳақиқий) қўрқурлар" (Фотир, 28).
Бу оятда илм эгалари ҳақиқий тақводорлар сифатида эътироф этилган. Илм эса устозлар орқали ёшларга етади. Шу боисдан ҳам, устозлар авлодлар орасида маънавий кўприк вазифасини бажаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмон ва ер аҳли, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам одамларга хайр ўргатувчига раҳмат дуоси қилади" (Термизий ривояти).
Бу ҳадисдан кўриниб турибдики, илм ўргатиш ва тарбия бериш энг улуғ амаллардан бири ҳисобланади. Демак, ёшларни тарбиясида устозликнинг аҳамияти бутун олам эътироф этадиган даражададир.
Шарқнинг буюк алломаларидан Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:
"Бола қалби саф ва пок тупроқка ўхшайди. Унга нима экилса, шу кўкаради. Агар яхшиликка йўналтирилса, шу билан улғайди, агар ёмонликка юзлантирилса, шу билан ифлосланади."
Демак, устоз ва мураббийлар ёшларнинг қалбига илм уруғини, ахлоқ ва адолат чироғини экиб, уларни юксак инсонийлик сари етаклайдилар.
Маънавиятимизда ҳам устозга эҳтиром доимо буюк қадрият сифатида тарғиб қилинган. “Устозсиз шогирд йўқ, шогирдсиз илм йўқ”, деган халқ ҳикматлари беихтиёр ёдга келади.
Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:
"Кимки устозсиз илм изласа, унинг илмидан фойда топмаслигидан қўрқаман."
Бугунги кунда ёшлар интернет ва турли ахборот оқимлари таъсирида қолган бир шароитда устозларнинг вазифаси янада катта аҳамият касб этмоқда. Чунки устоз нафақат билим берувчи, балки тарбиячи, йўлбошчи ва руҳий мураббий ҳамдир.
Хулоса қилиб айтганда, ёшлар тарбиясида устозларнинг ўрни беқиёс. Улар ёшларни илм, маънавият ва ахлоқ асосида тарбиялаб, юртимизнинг келажаги бўлган авлодни етук инсон қилиб камолга етказадилар.
Қодирхон Азизов
Косонсой бош-имом хатиби