Ҳозирги кунда мамлакатимизда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш борасида бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш, экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шаклларига қарши курашиш бўйича ташкилий-амалий чораларни кучайтириш, коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини юксалтириш, бу борада давлат тузилмаларининг фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро самарали ҳамкорлигини ташкил этиш билан боғлиқ аниқ вазифалар белгиланган.
Барча соҳалар каби диний соҳада бўлаётган катта ўзгаришлар, улкан ислоҳотлар жаҳон миқёсида эътироф этилаётган ижобий натижаларнинг асосий мақсади “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида иш олиб борилмоқда.
Дарҳақиқат, бугун дунё кўзда ҳалқаланган ёшдек қалқиб турган бир пайтда ёшларни чалғитувчи, уларни ўз домига тортишни истовчи турли кучлар кўпайиб боряпти. Энг ачинарлиси, дунёнинг қайси бурчагида бирор жиноят содир этилса, албатта, бу жараёнда ёшларнинг «қўлидан» фойдаланиляпти.
Ёшлар тарбияси ҳар бир даврнинг ўта долзарб масаласи бўлиб келгани айни ҳақиқат. Муаррихларнинг ёзишича, Геродот Шарққа қилган сафарлари чоғида Миср эҳромларидаги бир битикка ажабланган: «Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяпти. Нима қилиш керак?!”
Муаррих бу ёзувни ўқиганига ҳам икки минг йилдан ошиб кетди. Ёзувнинг битилганига эса, ким билсин қанча вақт бўлган? Демак, ёшлар масаласи ҳамиша ўз долзарблигини йўқотмаган, бунга ҳамма даврларда ҳам турли даражада муносабат билдирилган экан-да.
Ислом таълимотида ёшлар тарбияси жуда муҳим ўрин тутади. Исломнинг дастлабки ўн уч йилида, яъни Макка даврида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг онгу шуурига Аллоҳнинг яккаю ягоналигини сингдириш баробарида уларга одоб-ахлоқ масалаларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратганлар. Бу борада ўз ёнларига 8–16 ёшли (Али, Талҳа, Зубайр) каби кўплаб ёшларни олиб, аввало, уларнинг таълим-тарбиясига алоҳида аҳамият берганлар.
Ҳадиси шарифда: «Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар», дейилган (Имом Муслим ривояти).
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд дин» китобида бундай дейилади: «Бола – ота-она қўлидаги омонат. Унинг қалби турли нақш ва расмлардан холи. Қандай нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, саодатли бўлади. Ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берган устозлар унинг савобига шерик бўлди. Агар ёмонликка ундалса, ҳалок бўлади».
Тожиддин Хўжаханов,
Янгиқўрғон тумани “Ёрилган” жоме
масжиди имом-хатиби.