Таълим тарбия

ЁШ АВЛОД ТАРБИЯСИ — МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ ВА ОХИРАТ САОДАТИ КАЛИТИ

ЁШ АВЛОД ТАРБИЯСИ — МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИ ВА ОХИРАТ САОДАТИ КАЛИТИ

Биздан кейин қоладиган авлоднинг қандай инсон бўлиб етишиши нафақат бу дунёдаги миллат тақдирини, балки охиратдаги нажотимизни ҳам белгилайди. Ислом динида фарзанд тарбияси шунчаки мажбурият эмас, балки улкан омонат ва ибодат даражасига кўтарилган.

  1. Фарзанд — бу дунё зийнати ва масъулият

Тарбия аввало масъулиятни ҳис қилишдан бошланади. Ота-она ўз фарзандининг хулқи, иймони ва амали учун Аллоҳ таолонинг ҳузурида жавобгардир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай деганлар:
كُلُّكُمْ رَاعٍ وَكُلُّكُمْ مَسْئُولٌ عَنْ رَعِيَّتِه

«Ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз қўл остингиздагилар учун масъулдирсиз». (Имом Бухорий ривояти)

Агар ушбу масъулият гўзал тарзда адо этилса, фарзанд ота-онага нафақат ҳаётлик чоғида, балки вафотидан кейин ҳам фойда келтирувчи саодат калитига айланади.

  1. Охиратдаги туганмас ажр: Солиҳ фарзанд

Инсон вафот этганидан сўнг унинг амал дафтари ёпилади, аммо шундай амаллар борки, уларнинг савоби қабрга ҳам бориб туради. Шулардан энг улуғи — орқадан дуо қилувчи солиҳ фарзанддир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилалар:

إِذَا مَاتَ الإِنْسَانُ انْقَطَعَ عَنْهُ عَمَلُهُ إِلاَّ مِنْ ثَلاَثَةٍصَدَقَةٍ جَارِيَةٍ، أَوْ عِلْمٍ يُنْتَفَعُ بِهِ، أَوْ وَلَدٍ صَالِح يدعو له

«Инсон вафот этганда унинг амали тўхтайди, фақат уч нарсадан унга савоб етиб туради: содақаи жория (доимий савоб келтирувчи хайрли иш), фойдали илм ва унинг ҳақига дуо қиладиган солиҳ фарзанд».(Имом Муслим ривояти)


Яъни, фарзандимизга берган чиройли тарбиямиз орқали биз ўзимизга охиратда ҳеч қачон тугамайдиган саодат хазинасини тайёрлаган бўламиз.

  1. Миллат келажагининг пойдевори

Муносиб ва соғлом авлодни тарбиялаш — кучли ва маърифатли жамиятни қуриш демакдир.

Бу борада фарзандга бериладиган энг катта мерос бойлик ёки мол-мулк эмас, балки гўзал одобдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар:

مَا نَحَلَ وَالِدٌ وَلَدًا مِنْ نُحْلٍ أَفْضَلَ مِنْ أَدَبٍ حَسَن.

«Ота ўз фарзандига гўзал одобдан кўра афзалроқ ҳадя беролмайди». (Имом Термизий ривояти)

Хулоса

Халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади», деган доно мақол бор. Ёш авлодни иймонли, илмли ва ватанпарвар қилиб вояга етказиш — миллатнинг порлоқ келажагини таъминлаш билан баробар. Бугун экилган чиройли тарбия уруғлари, эртага миллатнинг юзини ёруғ, охиратда эса ота-онанинг бошига иззат тожини кийдирувчи омилдир. Муносиб авлод тарбиясида Аллоҳ таоло барчамизга куч-қувват ва тавфиқ берсин.


Сайдулло Яминов,
Мингбулоқ тумани Мулла Назар Охун” жоме 
масжиди ноиб имоми