Жамият аъзоларига муносабат

ЭНГ МАРОҚЛИ ҲОРДИҚ — ОИЛА ДАВРАСИДА

ЭНГ МАРОҚЛИ ҲОРДИҚ — ОИЛА ДАВРАСИДА

Инсон ҳаётида меҳнат қанчалик муҳим бўлса, ҳордиқ ҳам шунчалик зарур. Чунки тинмай меҳнат қилган тана ҳам, масъулиятлардан чарчаган қалб ҳам дам олишга муҳтож. Аммо ҳар қандай ҳордиқ инсонга бир хил тасалли ва бахт бера олмайди. Энг мазмунли, энг баракали ва умр бўйи эсдан чиқмайдиган ҳордиқ — бу оила даврасида ўтказилган ҳордиқдир. Зеро, инсоннинг ҳақиқий бойлиги мол-дунёси эмас, балки меҳрга тўла, аҳил ва бахтли оиласидир.

Бугун айрим эркаклар ишдан сўнг улфатлари билан чойхонага боришни, ошхўрлик ёки кабобхўрлик қилишни одат қилиб олган. Албатта, бунинг ўзи гуноҳ ёки айб эмас. Инсоннинг дўстлари билан учрашиши ҳам ҳаётнинг бир қисми. Аммо ҳар бир эркак ўзидан бир савол сўраб кўрсин:
«Охирги марта қачон турмуш ўртоғим ва фарзандларим билан бирга сайр қилдим? Қачон уларнинг қувончига шерик бўлдим?»

Мана шу саволга жавоб кўп нарсани ойдинлаштиради.

Ахир бешинчи синфда ўқийдиган қизингизни хоҳлаган пайт дугоналари билан кафе ёки истироҳатгоҳга юбормайсиз. Эндигина учинчи синфга ўтган ўғлингизни ҳам тенгқурлари билан шаҳар айлантириб қўймайсиз. Демак, уларнинг энг катта қувончи ҳам, энг хавфсиз ҳордиғи ҳам — оила бағридадир.
Уйингизни саришта қилиб, рўзғорингизни обод этаётган, фарзандларингизни меҳр билан тарбиялаётган, кечаю кундуз хизматингизда бўлган турмуш ўртоғингиз-чи? У ҳам инсон. Унинг ҳам чарчайдиган танаси, меҳр кутувчи қалби ва дам олишга ҳаққи бор. Бир ойда ҳеч бўлмаса бир марта уни фарзандларингиз билан боғга, зиёратгоҳга, табиат қўйнига ёки оддий сайрга олиб чиқиш шунчалик оғирми?
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Унинг оятларидан бири шуки, сизлар ором топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратди ва ўрталарингизга меҳр-муҳаббат ҳамда раҳм-шафқат солди. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун ибратлар бордир». (Рум сураси, 21-оят.)

Бу оят бизга оиланинг моҳиятини ўргатади. Оиланинг пойдевори фақат уй-жой, нафақа ёки моддий таъминот эмас. Унинг ҳақиқий устуни — меҳр, муҳаббат, раҳм-шафқат ва бирга кечадиган вақтдир.
Кўпинча: «Рўзғор ташвиши эркакнинг зиммасида», дейилади. Бу ҳақиқат. Эркак оиласининг ризқи учун меҳнат қилиши унинг муқаддас бурчидир. Аммо моддий таъминот ҳеч қачон меҳр ўрнини босолмайди. Фарзандга ҳам, аёлга ҳам пулдан аввал эътибор керак.

Инсоф билан ўйлаб кўрайлик. Уйда энг кўп меҳнат қиладиган ким?

Эркак ишдан кечқурун қайтади. Аммо уй бекаси тонг саҳардан кеч тунгача оила хизматида бўлади. Таом тайёрлайди, уйни йиғиштиради, кир ювади, фарзанд тарбияси билан шуғулланади, касал бўлса бедорлик қилади, барчанинг хизматига улгуришга ҳаракат қилади. Бу меҳнатнинг таътили ҳам йўқ, маоши ҳам йўқ, дам олиш куни ҳам йўқ.

Шундай экан, у ҳам ҳурматга, меҳрга ва ҳордиққа муносиб эмасми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Сизларнинг энг яхшиларингиз аҳлига энг яхши муносабатда бўлганларингиздир. Мен эса аҳлимга энг яхши муносабат қилувчингизман».

Ровий: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу. Манба: жоме ат-Термизий.

Демак, эркакнинг улуғлиги бойлиги ёки лавозими билан эмас, балки оиласига қандай муносабатда бўлиши билан ўлчанади.

Яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўминларнинг иймони энг комили — хулқи энг гўзал бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши муносабат қилувчиларингиздир». Ровий: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу. Манба: Жоме ат-Термизий.

Бу ҳадислар ҳар бир эркак учун ҳаёт дастуридир. Аёлга ҳурмат — иймон камолотининг белгиси.
Бир марта чойхонадаги навбатдаги ошдан воз кечиб, ўша маблағни фарзандларингиз билан сайрга сарфлаб кўринг. Балки сиз учун оддий туюлган ўша кун фарзандларингизнинг бутун умр эслайдиган энг ширин хотирасига айланар.

Улар йиллар ўтиб ҳам: «Дадам бизларни сайрга олиб борган эдилар...» дея фахр билан эслайдилар. Бу хотира ҳеч қандай қиммат ресторан ёки зиёфатдан азизроқ бўлади. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиладаги ҳаётлари эса ҳар бир эркак учун энг гўзал намунадир.
Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлларининг хизматида бўлар эдилар. Намоз вақти кирса, намозга чиқар эдилар». Манба: Сахих ал-Бухорий.

Бу ҳадисдан маълум бўладики, оилага хизмат қилиш эркакнинг қадрини туширмайди. Аксинча, унинг олийжаноблиги, камтарлиги ва иймонининг гўзаллигини намоён этади.

Азиз оталар!

Фарзандларингиз эртага сиз қолдирган мол-мулкни эмас, улар билан бирга кулганингизни, сайр қилганингизни, елкасига қўлингизни қўйиб суҳбатлашганингизни эслайдилар.

Турмуш ўртоғингиз ҳам қимматбаҳо совғалардан кўра, сиз билан бирга ўтказилган самимий бир неча соатлик ҳордиқни кўпроқ қадрлайди.

Чойхонадаги ош унутилади.

Навбатдаги зиёфат ҳам эсдан чиқади.

Аммо фарзандингизнинг қувончли табассуми, турмуш ўртоғингизнинг миннатдор нигоҳлари ва оила даврасида кечган бахтли лаҳзалар қалбда умрбод сақланади.

Унутманг: оилага ажратилган вақт — сарфланган вақт эмас, келажакка киритилган энг қимматли сармоядир.
Энг мароқли ҳордиқ — оила даврасидаги ҳордиқдир. Ана шу ҳордиқда меҳр бор, барака бор, хотиржамлик бор ва Аллоҳ таоло рози бўладиган бахт бор.

Зиёвиддинов Азимхон
Тўрақўрғон туман "Камолхон эшон бува" жоме 
масжид имом хатиби