Жамият аъзоларига муносабат

ЁЛҒОНЧИЛАРГА АЛДАНМАНГ!

ЁЛҒОНЧИЛАРГА АЛДАНМАНГ!

Инсон ҳаёти давомида турли хил инсонлар билан учрашади. Уларнинг орасида ростгўй, ишончли кишилар бўлгани каби, ёлғонни касб қилиб олган, сохта ваъдалар билан одамларни алдайдиганлар ҳам учрайди. Ислом дини мусулмонларни бундай кимсаларнинг алдовига тушмасликка, ҳар бир хабар ва ваъдани ақл, далил ва шариат мезонлари билан баҳолашга чақиради.

Инсон ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, ҳуқуқлари дахлсиздир. Улар олий қадрият ҳисобланади. Бу ҳуқуқларни ҳимоя қилишга ҳар бир инсоннинг ўзи ҳам масъул. Шунга кўра, одам ақл ва илм билан иш тутиши, қалтис йўлларга кирмаслиги, синалмаган одамларга ишониб, ҳаётини хатарга қўймаслиги керак. Тўғри тафаккур шунга ундайди. Аччиқ тажриба шуни кўрсатади.

Аммо баъзи юртдошларимиз нопок кимсаларнинг ёлғон ваъдаларга учиб, алдов тўрига тушиб қолаётгани, борган жойларида адолатсизликка учраб, ҳуқуқлари топталаётгани кишини ташвишлантиради. Мусулмон инсон ёлғон ва фисқ-фужурдан йироқ бўлмоғи зарур.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: "Эй мўминлар! Агар сизларга бир фосиқ хабар келтирса, уни аниқлаб кўринглар..." (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Ушбу оят ҳар қандай хабар, даъво ва ваъдани текширмасдан қабул қилиш тўғри эмаслигини ўргатади.

Ёлғончилик – мунофиқлик аломати

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мунофиқнинг белгиси учта: сўзласа ёлғон гапиради, ваъда берса ваъдасига хилоф қилади, омонат қўйилса хиёнат қилади». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис ёлғончилик ва ваъдага вафосизлик мусулмон ахлоқига мутлақо зид эканини кўрсатади.

Бугунги кунда айрим кимсалар бойлик, мансаб, тез фойда ёки машҳурлик ҳақидаги асоссиз ваъдалар билан одамларни алдамоқда. Айримлари ижтимоий тармоқларда, айримлари савдо-сотиқда, яна бошқалари эса турли фирибгарликлар орқали инсонларнинг мол-мулки ва ишончини суиистеъмол қилмоқда.

Инсонларга Ёлғон ваъдаларнинг беришнинг салбий оқибатлари шукий, одамлар ўртасида ишонч йўқолади; оила ва жамиятда низолар келиб чиқади; молиявий зарарлар юз беради; инсоннинг дунёси ва охиратига зиён етади.

Албатта мўмин киши ҳар қандай ваъда ёки хабарни эшитганда унинг манбасини текширади. Шошилиб қарор чиқармайди. Аллоҳга таваккал қилиб, ҳалол йўл билан ризқ топишга ҳаракат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: «Ростгўйлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга етаклайди. Ёлғончилик эса фожирликка етаклайди, фожирлик эса дўзахга етаклайди». (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Демак, мусулмон киши ростгўй инсонлар билан дўстлашиши, фирибгар ва ёлғончилардан узоқ юриши керак.

Инсон хаёти мобайнида ёлғончиларнинг ширин вадаларига учмастлиги учун аввало ўзи ёлғондан йироқ бўлмоғи зарур. Ёлғончиларнинг ширин сўзлари ва баландпарвоз ваъдалари кўпинча пушаймонликка олиб келади. Шунинг учун ҳар бир мўмин Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига амал қилиб, ҳар қандай хабар ва ваъдани текшириши, ҳақиқатни излаши ва ростгўйликни ҳаётининг асосий шиори қилиб олиши лозим.

Аллоҳ таоло барчамизни ёлғондан, фирибдан ва сохта ваъдаларга алданишдан асрасин.

Ростгўй ва омонатдор бандаларидан қилсин. 

Шухратилла Исроилов,
 Учқўрғон туман бош имом хатиби ва
 “Саидхон Эшон” жоме 
масжиди имом хатиби