Дуо — шунчаки тилдан чиқадиган сўзлар эмас, балки банданинг тақдирига дахлдор илтижосидир. Шунинг учун дуода ҳам ҳикмат, ҳам одоб, ҳам масъулият бўлиши шарт.
Афсуски, биз дуо қилиш илмини, маданиятини кўп жиҳатдан юзаки урф-одатларга алмаштириб юбордик. Нимани сўраётганимизга эътибор қилмай, нимани эшитиб катта бўлган бўлсак, шуни такрорлаймиз. Масалан: «Топганинг тўйларга буюрсин», «Хонадонингиз тўйхона, муродхона бўлсин», деймиз. Бугун айнан шу қараш туфайли қанча инсон йиллаб меҳнат қилиб топганини бир кунлик дабдабага сарфламоқда. Кейин эса қарз, пушаймон ва яна янги ташвишлар бошланади. Демак, муаммо тўйда эмас, балки уни шу ҳаётнинг асосий мақсадига айлантириб қўйган тутумдадир.
Нега энди: «Раббим, менга ҳалол, баракали ризқ бергин, берганингга қаноат ато этгин, уни хайрли ишларга сарфлашни насиб қилгин», деб дуо қилмаймиз?
Яна бир ибора: «Кўчқордай ўғил берсин». Фарзанд бақувват бўлиши мумкин, аммо тананинг ўзигина инсонни бахтли қилмайди. Агар ўша фарзанд ахлоқсиз, ота-онага оқ, жамиятга зарарли бўлиб улғайса, унинг бақувватлиги кимга керак? Шундай экан, дуода ҳам сифатни сўраш лозим: «Раббим, менга солиҳ, тақводор, илмли, одобли ва икки дунёда кўзимнинг қувончи бўладиган фарзанд ато этгин».
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари бу ҳақиқатга ёрқин мисолдир. У зот бундай деганлар: «Қуръони ёдлашимни Аллоҳдан сўрадим. Аммо “тинчлик-хотиржамликда ёдлашимни насиб қилгин”, деб сўрамабман. Натижада уни қамоқда, қийинчиликлар ҳолатида ёд олдим».
Бир имом-домла ҳикоя қилади: Бир аёл фарзанди туғма ногирон бўлганидан қаттиқ азоб чекар экан. У баъзан: «Бу боладан ўзим нафрат қилиб қолганман», дер экан. Сабабини сўрашганда: «Фарзандли бўлмоқчи эдим, Аллоҳга: “Чўлоқ бўлса ҳам, бир ўғил бергин”, деб дуо қилардим. Мен айтганимча бўлди», деб жавоб беради.
Яна бир ҳайдовчининг гапи ҳам инсонни тафаккурга ундайди: «Ёшлигимда бойларнинг “Волга” машинасига ҳавас қилиб: “Эй Аллоҳ, менга ҳам шундай машина бергин”, деб дуо қилардим. Орадан йиллар ўтиб дуоим қабул бўлди. Энди ўша “Волга”да қурилиш ашёлари ташиб рўзғор тебратяпман».
Албатта, бу воқеалардан “Дуо қилишдан қўрқиш керак” деган хулоса чиқмайди, балки “Дуонинг ҳам одоби бор” деган хулоса чиқади.
Аллоҳ таолонинг хазиналари чексиз. У зот бергани билан мулки камаймайди. Аммо У зот бандаларини тарбия ҳам қилади. Баъзан инсон сўраган нарсасига эришади, лекин унга оғир меҳнат, синов ёки машаққат орқали етади. Чунки у неъматнинг офатини сўрамаган бўлади.
Бугун бизга бойликдан олдин барака, фарзанддан олдин салоҳият, мартабадан олдин ҳалоллик, муваффақиятдан олдин офият керак. Ана шунда дуоларимиз ҳам ҳақиқий бахт эшигини очади.
Дуо фақат орзу билдириш эмас. Дуо — тақдиринг учун қилган талабингдир. Шунинг учун Аллоҳ таолодан ҳар бир сўзингизни ўйлаб сўранг. Неъматнинг ўзини эмас, унинг офияти, баракаси ва хайрли оқибатини ҳам сўранг. Зеро, ҳақиқий бахт неъматга эга бўлишда эмас, уни офият билан яшашдадир.
“Ҳидоят” журналининг 2026 йил 9-сонидан
Обидхон ИКРОМОВ,
Наманган вилояти бош имом-хатиби
биринчи ўринбосари