Жамият аъзоларига муносабат

ДИНИМИЗДА ЧИН ДЎСТЛИК

ДИНИМИЗДА ЧИН ДЎСТЛИК

Инсон ёлғиз яшай олмайди. У ҳаёти давомида дўстга, ҳамсуҳбатга, маслаҳатчига муҳтож бўлади. Ислом дини эса дўстликни юксак қадрлаб, уни иймон ва тақво асосида қуришга чақирган. Қуръони Каримда чин дўстлик ҳақида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Ўша кунда (Қиёматда) тақводорлардан бошқа барча дўстлар бир-бирларига душман бўлиб қоладилар» «Аз-Зухруф» сураси, 67-оят.

Имом Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида айтади: «Дунёда Аллоҳ учун эмас, нафс, манфаат ёки гуноҳ учун қилинган ҳар қандай дўстлик Қиёмат куни адоватга айланади. Фақат Аллоҳ розилиги учун қурилган дўстлик абадий қолади.»

Аллоҳ таоло яна марҳамат қилади «Мўмин эркаклар ва мўмина аёллар бир-бирларининг дўстларидир. Улар яхшиликка буюрадилар ва ёмонликдан қайтарадилар». «Тавба» сураси, 71-оят

Бу оят ҳақиқий дўстнинг энг муҳим сифати яхшиликка чақириши ва ёмонликдан қайтаришини кўрсатади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бунга ўхшаш кўплаб мисолларни кўришимиз мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушк сотувчи билан темирчига ўхшайди. Мушк сотувчи ё сенга ҳадя қилади, ё сотиб оласан, ёки ҳеч бўлмаса ундан хушбўй ҳид оласан. Темирчи эса кийимингни куйдиради ёки ундан ёқимсиз ҳид келади». (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Ҳикмати шундаки, Инсон ким билан юрса, аста-секин ўшанинг ахлоқи ва одатини олади. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Киши ўз дўстининг динидадир. Бас, ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин». (Абу Довуд, Термизий)

Бу ҳадис инсоннинг ҳаётига энг кучли таъсир қилувчи омиллардан бири яхши дўст эканини билдиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  «Аллоҳ таоло Қиёмат куни: "Менинг улуғлигим учун бир-бирини яхши кўрганлар қаерда? Бугун Мен уларни Ўз соям билан соялайман", деб айтади. (Имом Муслим ривояти)  Бу дўстликнинг энг олий даражаси — Аллоҳ учун яхши кўришдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламҳижрат қилишлари лозим бўлганида ҳамроҳлик учун айнан Абу Бакр розияллоҳу анҳуни танладилар. Савр ғорида мушриклар жуда яқин келганда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Агар улардан бири оёғи остига қараса, бизни кўради», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Эй Абу Бакр! Учинчиси Аллоҳ бўлган икки киши ҳақида нима деб ўйлайсан?» (Бухорий ва Муслим) Бу чин дўстликнинг энг олий намунасидир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўз жонини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун фидо қилишга тайёр эдилар.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтганлар: «Мўмин дўстингни кўпайтир. Чунки Қиёмат куни уларнинг шафоати фойда беради.» Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтганлар: «Кишини дўстига қараб танийсизлар. Чунки инсон фақат ўзига ўхшаган билан дўстлашади.»

Чин дўст Аллоҳга итоат қилишга ёрдам беради, айбингизни яширинча айтади, орқангиздан ғийбат қилмайди, қийин кунда ташлаб кетмайди, дуо қилади, муваффақиятингизга ҳасад қилмайди, сизни гуноҳга чақирмайди, ёмон дўстнинг белгилари, намоздан узоқлаштиради, ғийбат ва ёлғонга ўргатади, манфаат учун яқинлашади, балога учрасангиз ташлаб кетади, гуноҳни чиройли қилиб кўрсатади.

Хулоса қиладиган бўлсак чин дўстлик мол-дунё ёки манфаат билан эмас, балки иймон, ихлос ва Аллоҳ розилиги билан барпо бўлади. Дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда берадиган дўст — сизни яхшиликка етаклайдиган, гуноҳдан қайтарадиган ва Аллоҳни эслашга сабаб бўладиган дўстдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ушбу ҳадислари ҳар бир мўмин учун дастурдир: «Киши ўз дўстининг динидадир. Бас, ҳар бирингиз кимни дўст тутаётганига қарасин.» Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ бандалари билан дўст қилсин, дўстлигимизни Ўз розилиги учун бўладиган дўстликлардан айласин. 

Ҳусниддин Тожибаев,
Наманган шаҳар Бахоуддин Нақшбандий

 жоме масжиди имом ноиби