Жамият аъзоларига муносабат

ДИНИМИЗ ИСРОФДАН ҚАЙТАРАДИ

ДИНИМИЗ ИСРОФДАН ҚАЙТАРАДИ

Миллий  урф-одатларимиздан бўлган турли хил тўй-маросимлар ҳамда диний расм-русмларни ихчам ҳамда исрофгарчиликка йўл қўйилмасдан туриб ўтказилиш борасида динимизда кўп кўрсатмалар берилган. 

Аслида мусулмон инсон энг аввало халқни эмас Холиқни рози қилиш йўлларини қидириб, шунга яраша ҳаёт кечирмоғлиги даркор. 

Биз яхши биламизки, динимизда мискин, фақир, етим ва ногирон бўлган бир қанча турдаги инсонларга моддий ва маънавий кўмак бериш, шунингдек, никоҳни элон қилиш, ўтганларни эслаб, руҳларини шод этиш мақсадида уларнинг номидан хайри-эҳсонлар қилишга даъват қилинади. 

Бироқ, бу турдаги барча ишларда исроф қилмасдан, риё ёҳуд ҳўжакўрсинликка йўл қўймасдан туриб, ёлғиз Яратганнинг розилигини исташ мақсадида бўлиши талаб қилинади. 

Аччиқ бўлсада ҳақиқат. Бугунги кунда барча тўйлар ва диний маросимларда исрофгарчилик ва хўжакўрсинликка ўтиб кетилаётганлиги барчамизга сир эмас. Тўғри ҳамма ҳам эмас, лекин аксар юртдошларимиз мен бундан қолмай, ундан ҳам зўр қилай дея асосий мақсадни эсдан чиқариб қўймоқдалар. Аллоҳ таоло мусулмон инсоннинг ҳар бир қилган савобли ишига еттидан етти юзгача ва ундан ҳам ортиқроқ ажрни беришни ваъда қилган. 

Биринчи  навбатда эҳсон қилишда барча турдаги исрофгарчиликка йўл қўймаслик керак. Баъзи холатларда кўриб қоламизки, тўй қилмоқчи бўлагн ёки ота-онасини ҳаққига деб қилаётган хайру-эҳсонларда мана шу холат, исрофгарчиликка йўл қўйилмоқда,  Баъзилар пули бўлмаса қарз оладилар, қарз олувчиларнинг баъзиси эса фоизга олади. Ана тўйдан сўнгги ғалвани кўринг. Динимиз  исроф қилма, риё қилма, ҳаддингдан ошма дейишида биз учун манфаат бор.. 

Динимизда битта тўйда бир киши учун тўрт-беш хил ёки ундан кўпроқ таом бергунча, маҳалладаги ночор, боқувчисини йўқотган инсонларнинг холидан хабар олиш, етимлар бошини силаш, уларнинг оғирини енгил қилиш инсонийликнинг энг гўзал намунасидир. 

Бу билан ҳамма нарсангни тарқатиб юбор дейилмаяпти, балки ортиқча сарфланаётган беҳуда қилинаётган ишларни ўрнига қилинса дейилмоқда. 

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин”. Исро сураси 29-оят. 

Демак,  ҳар ҳар бир нарсани тавозу  билан  меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўртача меъёрида адо этилади. Шунда динимиз кўрсатмасига амал қилинган бўлади, иншааллоҳ.  

Авазбек Тўраев,
Норин тумани “Қурбон ота” жоме 
масжиди имом хатиби