Жамият аъзоларига муносабат

БУГУН УМРИМИЗНИ НИМАГА САРФЛАЯПМИЗ?

БУГУН УМРИМИЗНИ НИМАГА САРФЛАЯПМИЗ?

2-қисм

Энг ачинарлиси шундаки, кўпчилик инсонлар умрнинг энг қиммат сармоя эканини яхши билса-да, уни қаерга сарфлаётгани ҳақида жиддий ўйлаб кўрмайди.

Кимдир соатлаб чойхоналарда ўтиради.

Кимдир кунларни беҳуда гап-гаштаклар билан ўтказади.

Кимдир ҳафталаб фақат айланиш, саёҳат ва кўнгилхушлик билан машғул бўлади.

Яна кимдир телефон ва ижтимоий тармоқлардан бош кўтармайди.

Албатта, ҳалол ҳордиқ чиқариш, оила аъзолари билан вақт ўтказиш, яқинлар билан суҳбатлашиш ёки саёҳат қилишнинг ўзи айб эмас. Ислом инсонни меъёрли дам олишдан қайтармайди. Аммо ана шу ишлар ҳаётимизнинг асосий мақсадига айланиб қолса, ибодат, Қуръон тиловати, илм олиш, ота-она хизмати, фарзанд тарбияси, муҳтожларга ёрдам бериш ва солиҳ амаллар иккинчи ўринга тушиб қолса, бу ҳар бир мўмин учун жиддий огоҳлантирувчи ҳолатдир.

Биз дунёвий режаларимиз учун ойлаб, йиллаб тайёргарлик кўрамиз.

Уй қуриш учун йиллар сарфлаймиз.

Машина олиш учун маблағ йиғамиз.

Саёҳат учун ойлар давомида режа тузамиз.

Бир неча соатлик зиёфат учун кунлаб тайёргарлик кўрамиз.

Аммо ҳар бир инсон албатта етиб борадиган манзил — қабр учун нимани тайёрладик?

Чойхонада ўтган соатлар ҳам ўтади.

Гап-гаштаклар ҳам унутилади.

Саёҳатлар хотирага айланади.

Мансаб ҳам тугайди.

Шуҳрат ҳам қолмайди.

Мол-дунё ҳам эгасини тарк этади.

Лекин ҳар бир ўқилган Қуръон ояти, ҳар бир адо этилган намоз, ҳар бир садақа, ҳар бир яхши амал, ҳар бир самимий тавба ва ҳар бир инсонга қилинган яхшилик инсон билан бирга қабрга киради.

Қабрда инсондан унинг моли ёки обрўси эмас, амали сўралади.

Бугун биз кўпроқ дунё учун меҳнат қиляпмизми ёки охират учун ҳам сармоя қиляпмизми?

Бу саволга ҳар ким ўз виждони олдида жавоб берсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: «Одам боласи Қиёмат куни тўрт нарса ҳақида сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини нимада ўтказгани, ёшлигини нимага сарфлагани, молини қаердан топиб, қаерга сарфлагани ва билган илмига қай даражада амал қилгани ҳақида.» (Имом Термизий ривояти.)

Мана шу ҳадис ҳар биримизни ҳушёрликка чорлайди.

Чунки умр — қайтиб келмайдиган омонат.

Бугун ўтган кун кечагидек ортга қайтмайди.

Ҳар бир чиққан қуёш умримизни қисқартиради.

Ҳар бир ботган қуёш эса бизни охиратга яқинлаштиради.

Шундай экан, ўзимиздан сўрайлик:

Мен бугун умримнинг яна бир кунини дунё учун яшадимми ёки охиратим учун ҳам бирор сармоя тайёрладимми?

Эртага кеч бўлиши мумкин...

Тобут келганида ортга қайтиш бўлмайди.

Қабр эшиги ёпилганидан кейин эса амал дафтари фақат ҳаётимизда қилган ишларимиз билан тўлади.

Шундай экан, келинг, ҳали имконият бор экан, қалбларимизни Қуръон нури билан ёритайлик.

Вақтимизни илм билан безайлик.

Тилларимизни зикр билан намлайлик.

Молларимизни садақа билан поклайлик.

Умримизни солиҳ амаллар билан зийнатлайлик.

Чунки бу дунё — экин майдони.

Охират эса ҳосил йиғиладиган жойдир.

Бугун экканимиз эртага ҳосил бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизга умримизни беҳуда ишларга эмас, Ўзи рози бўладиган амалларга сарфлашни, қалбларимизни иймон ва тақво билан обод қилишни, қабрларимизни жаннат боғларидан бир боғга айлантиришни насиб этсин.

Сайфиддин Темиров 
Тўрақўрғон туман "Исҳоқхон тўра" жоме 
масжид имом ноиби