Жамият аъзоларига муносабат

БИР ЛАҲЗАЛИК БЕПАРВОЛИК — БИР УМРЛИК АРМОН!

БИР ЛАҲЗАЛИК БЕПАРВОЛИК — БИР УМРЛИК АРМОН!

Газ ҳиди — шунчаки нохуш ҳид эмас, у эшигингиз қоқилаётган фожианинг огоҳлантиришидир!

Инсон баъзан ўз ҳаётига таҳдид солаётган хавфни кўз олдида кўриб турса ҳам, унга бепарво қарайди. Газ ҳидини сезади-ю, «Ҳеч нарса қилмайди», «Ҳозир ўтиб кетади», деб ўзини овутади. Аммо ўйлаб кўринг: сиз «Ҳеч нарса қилмайди», деб хотиржам ўтирганингизда, хонадондаги ҳар бир нафас сўнгги нафасга айланиши мумкинлигини биласизми?!

Газ ҳазилни ҳам, бепарволикни ҳам кечирмайди!

Энг ачинарлиси, баъзи инсонлар хавфни сезса ҳам, зарур чора кўриш ўрнига, гўё ҳеч нарса бўлмагандек кундалик юмушларини давом эттирадилар. Газ ҳиди келаётган хонада чироқни ёқадилар, электр жиҳозларини ишга туширадилар, баъзан эса очиқ оловдан фойдаланишгача борадилар. Биргина нотўғри ҳаракат бутун бир оиланинг ҳаётини остин-устун қилиши мумкинлигини хаёлларига ҳам келтирмайдилар.

Ахир, ўша хонадонда сиздан кўзини узмайдиган фарзандларингиз, дуо қилиб ўтирадиган ота-онангиз, умид билан кутаётган яқинларингиз бор! Уларнинг тақдири бир лаҳзалик бепарволигингизга боғлиқ бўлиб қолмасин!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Ўз қўлларингиз билан ўзингизни ҳалокатга ташламанг!» (Бақара сураси, 195-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Зарар бериш ҳам, зарарга зарар билан жавоб қайтариш ҳам йўқ». (Имом Ибн Можа ривояти. Ровий: Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу).

Бу оят ва ҳадис бизга ҳаётга масъулият билан муносабатда бўлишни, ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам хавф-хатарга қўймасликни ўргатади.

Азизлар, газ ҳиди сезилса, бепарво бўлманг!

Дарҳол хавфсиз тарзда газ кранини ёпинг, эшик-деразаларни очиб, бинодан чиқинг. Чироқни ёқманг ва ўчирманг, электр жиҳозларига тегманг, гугурт ёқманг, очиқ оловдан фойдаланманг. Ташқаридаги хавфсиз жойдан 104 ёки 112 рақамига қўнғироқ қилинг. Мутахассислар рухсат бермагунча бинога қайтманг.

Газ сизиб чиқишини ўзбошимчалик билан бартараф этишга уринманг!

Хавфни фақат ҳид сезилгандагина эмас, балки ундан олдинроқ — кундалик эҳтиёткорлик орқали бартараф этиш энг тўғри йўлдир. Иситиш мавсуми бошланишидан олдин мўриконларни тозалаш, газ жиҳозлари ва уланиш шлангларининг созлигини кўздан кечириш, ёш болаларни назоратсиз қолдирмаслик ҳамда хоналарни мунтазам шамоллатиш одатга айланиши лозим. Арзимасдек кўринган майда эҳтиёткорлик кўпинча катта мусибатнинг олдини олади.

Эй, бепарво инсон!

Бир ўйлаб кўринг: агар бугун сизга бирор фалокат етса, орқангиздан йиғлаб қоладиган фарзандларингиз нима қилади? Сизнинг меҳрингизга муҳтож ота-онангиз кимга суянади? Бир дастурхон атрофида жам бўлиб ўтирган оилангиз эртага қандай қилиб сизсиз яшайди?

Ҳаётни бир марта берадилар. Уни бепарволик, лоқайдлик ва масъулиятсизлик билан хавф остига қўйишга ҳаққимиз йўқ!

Фожиа содир бўлгандан кейин кўз ёши тўкиш, пушаймон бўлиш, «Қани энди, олдинроқ чора кўрганимда эди», дейишдан фойда йўқ. Чунки баъзи хатоларнинг жазоси — қайтариб бўлмайдиган умрдир!

Бу масала фақат бир киши ёки бир хонадоннинг эмас, балки ён-атрофдаги қўшнилар, қариндош-уруғлар ва бутун маҳалланинг ҳам хавфсизлигига дахлдордир. Агар ён-атрофда ёки кекса, ёлғиз яшовчи қўшнилар хонадонида газ жиҳозларидан нотўғри фойдаланиш ҳолатини кўрсак, «Менга нима?» демасдан, меҳр ва масъулият билан огоҳлантирайлик, зарур бўлса ёрдам берайлик. Зеро, бир-биримизга бефарқ бўлмаслик — энг гўзал инсоний фазилат ва омонлик гаровидир.

Хулоса ўрнида:

Газ ҳидини сезсангиз, буни оддий ҳол деб қабул қилманг. Бу — ҳаётингизга берилган огоҳлантириш! Ўзингизни ҳам, оилангизни ҳам, қўшниларингизни ҳам хавф остига қўйманг.

Унутманг: бир лаҳзалик эҳтиёткорлик бир оилани айрилиқдан, бир умрлик пушаймондан асраб қолиши мумкин!

Аллоҳ таоло барчамизни турли офат ва балолардан Ўзи асрасин!

Муҳиббуллоҳ Худойбердиев

Тўрақўрғон туман бош имом-хатиби