Бағрикенглик – бу фақатгина ўзгаларга тоқат қилиш эмас, балки уларни тушуниш, ҳурмат қилиш ва қабул қилиш санъатидир. Инсонлар турли миллат, турли дин, турли қарашга эга бўлиши мумкин. Лекин шу фарқларга қарамай, барчамиз — бир жамият аъзосимиз.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасида барча фуқаролар қонун олдида тенг экани белгилаб қўйилган. Унга кўра, инсонни миллати, тили ёки динига қараб камситишга йўл қўйилмайди. Бу – бағрикенгликнинг ҳуқуқий кафолатидир.
31-модда эса ҳар бир инсон виждон эркинлигига эга эканини эътироф этади. Яъни ҳар ким истаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Бу — жамиятимизнинг энг катта бойликларидан биридир.
Юртимизда турли миллат ва турли дин вакиллари юз йиллардан буён бирга, тинч-тотув яшаб келмоқда. Улар бир дастурхонда нон тартиб, бир қўшнидек аҳил бўлиб умр кечирмоқда. Бу эса, айнан Конституциямизда белгилаб қўйилган бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларининг амалий ифодасидир.
Шунинг учун ҳар биримиз нафақат қонунга, балки виждонимизга ҳам таяниб, бошқаларни ҳурмат қилишни фуқаролик бурчимиз деб билишимиз керак. Чунки бағрикенглик бор жойда — тинчлик, тотувлик ва барака бўлади.
Конституциямизга кўра бағрикенглик дегани:
бошқаларнинг фикрига ҳурмат билан қараш ҳар кимнинг дини, тили ва миллатини инобатга олиш
зўравонлик ва камситишга йўл қўймаслик тинч-тотув яшаш
Ислом дини – тинчлик, ўзаро ҳурмат ва тотувликка чорловчи дин. Бунинг ўзи Аллоҳ таолонинг сўзида ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларида очиқ-ойдин кўринади.
Аллоҳ таоло Қуръонда шундай дейди:
﴿وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا﴾
“Биз сизларни турли халқлар ва қабилалар қилиб яратдик – бир-бирингизни танишингиз учун.”
(Ҳужурот, 13-оят)
Бу оят инсонларнинг турлича бўлиши — уруш ёки низо учун эмас, балки ҳамжиҳатлик ва танишув учун яратилганини кўрсатади.
Исломда тотувлик — нафақат тавсия, балки иймон аломати. Агар жамиятда ҳар бир инсон Ислом ўргатган ахлоқ асосида яшаса:
уруш ўрнида — тинчлик
нафрат ўрнида — муҳаббат
ихтилоф ўрнида — аҳиллик бўлади
Авазбек Тўраев,
Норин тумани “Қурбон ота” жоме
масжиди имом хатиби