Деҳқон баҳорда ерга уруғ сочса, кузда мўл ҳосил олади. Баҳорда ерига ишлов бермаган, унга бирор бир фойдали уруғ сочмаган деҳқон қандай қилиб ҳосилдан умид қилсин?! Инсон умрининг баҳори - ёшлик даври бўлиб, унда экиладиган уруғ - илмдир.
Шу маънода Навоий хазратлари: "Ёшлигингда йиғ илмнинг махзанин, қариган чоғингда харж қилғил ани" дея таъкидлайдилар. Киши ёшлигида илму ҳунарнинг бирор турини эгаллаб гўзал хулқу одоб соҳиби бўла олишга тиришсагина бўлади. Ёшлик саодатдир кетса келмайди. Баъзилар бу сирнинг қадрин билмайди. Фазилат ўйғотган ёшлик чоғида, Қариганда сира хам хўрлик кўрмайди! Куч- қувватга тўлган ёшлик даврини илму-ҳунар ўрганиш ўрнига хар хил беҳуда ўйинларга, ўткинчи хою хавасларга, зарарли одатларга сарфлаган киши бахорда уруғ сепмасдан кузда ҳосил кутган нодонга ўхшайди.
Пайғамбаримиз солллаллоҳу алайхи васаллам шундай деганлар: «Беш нарсадан олдин, беш нарсанинг қадрини бил: кексайиб қолишдан олдин ёшлигингни, бетоблигингдан олдин соғломлигингни, бир иш билан машғул бўлишдан аввал бўш вақтингни, фақирлигингдан олдин бойлигингни, ўлимингдан олдин тириклигингни» Абу Лайс ас-Самарқандий «Танбеҳул ғофилийн» китобида ушбу ҳадиси шарифнинг «кексайиб қолишдан олдин ёшлигингни» қисмини шундай шарҳлайдилар: Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шу беш нарсада кўп илмларни жамлаганлар. Чунки навқирон ёш йигит ҳолида ҳар-хил ишларга қодир киши қариган вақтида ўша ишларга қодир бўлолмайди. Чунки,ёш йигит агар маъсият-гунох қилиш билан ёшлигини ўтказишга кўникса, у қариган вақтида гунохлардан тийилишга қодир бўлолмайди! Шунинг учун йигит киши қариганда яхши амалларни қилмоғи осон, енгил бўлиши учун ёшлик даврида яхши амалларни қилишга кўникмоғи лозимдир. Ёшлик шундай имкониятлар даврики, унда икки дунё ишларини қилишга улгуришга интилганларгина ютади. Ёшлик умр мавсумидир, бахори, ёзидир. Инсон мавсумда харакат қилиб қолсагина кўп нарсага эришади, мавсум ўтгач эса. Масал бор: Чумоли ёз бўйи меҳнат қилиб, қишда роҳатда, ниначи ёз бўйи ўйнаб, қишда азобда бўларкан".
Ҳа ёшлик саодатдир, лекин буни кўпчилик ўз вақтида яхши англай олмайди. Аллоҳ таборака ва таоло Қуръони каримда хабар бериб бундай дейди: “Унинг даргоҳида ҳар-бир нарса ўлчовлидир”. (Раъд/8).
Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳар-биримиз ўзимизга берилган вақтдан унумли фойдаланишга интилишимиз лозим экан.
Абдуллох Ансорий ўзининг “Туҳфатул мулук” асарида ҳар-бир масалани тўрт тушунча билан шархлайди. Жумладан, тўрт нарсани асло қайтариб бўлмаслик ҳақида бундай дейди: "Айтилган сўз, отилган ўқ, ўтган умр ва қазойи қадар". Демак азиз умр инсонга бу дунёда яна бир бор қайтиб келмас экан. Ундан иложи ва имкони борича тўғри истифода қилиб, азиз умр давомида яхшилик қилиш, инсон ўз қўли билан эҳсону садоқотларини керакли ўринларда нисор айлаши айни муддао ва мақсаддур.
Муроджон Бойқобилов,
Поп тумани “Имом Зайнилобидин” жоме
масжиди имом-хатиби