Жамият аъзоларига муносабат

ҲАР БИРИМИЗ БУ ХАЙРЛИ ИШГА ҚЎШИЛАЙЛИК

ҲАР БИРИМИЗ БУ ХАЙРЛИ ИШГА ҚЎШИЛАЙЛИК

Бугун юртимизда муҳтарам Юртбошимиз томонларидан эълон қилинган “Яшил ҳудуд” лойиҳаси доирасида ҳар бир ватандошимиз бўш турган ерларга мевали ва манзарали дарахтлар, анвойи гуллар экиб юрт олдидаги ўз бурчини адо этишлик билан бирга, ота-боболаримизни эзгу анъаналарини муносиб ворис сифатида давом эттирмоқдалар. Муқаддас ислом динимизда бу эзгу амалларга тарғиб қилиниб, энг савобли амал сифатида тақдим этилган. 

Жумладан: Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни (офат юбориб) қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланибгина қолаверар (ва айтар) эдингиз: “Бизлар зиён кўрувчилармиз. Балки бизлар (ризқимиздан) маҳрумдирмиз” (деб надоматда қолган бўлур эдингиз) (Воқеа, 63 – 67).

Деҳқончилик билан шуғулланаётган киши ушбу оятни ўқиб: “Экувчи, ўстирувчи, ундирувчи ўзингсан. Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга биздан салавот йўлла. Бизга баракотли ризқ бергин. Экинимизни ундир, биздан унинг зарарини йироқ қилгин. Бизни неъматларингга шукр қилувчилардан, берганларингни ёдда тутувчилардан қилгин. Эй оламлар Роббиси, бизга бу экинда барака бер”, дейиши матлубдир (Қуртубий).

Анас розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, у учун бундан садақа ҳосил бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Ҳадисдаги “мусулмон” сўзи эркакни ҳам, аёлни ҳам баробар қамраб олади. Яъни, эркак кишими ёки аёлми, бирор кўчат ёки экин экса, ундан инсон ёки бошқа жонзотлар ҳам фойдаланса, унга савоби етади.

Ҳадисда ерни обод қилишга тарғиб этилиб, ўзи ёки бошқалар учун экин экканга ажр ваъда қилинган. Кўчат ёки экиндан чиққан мева, улардан олинган уруғлар ва кўчатлар экилса ва бу қанча такрорланса ҳам савоби қиёматгача давом этаверади.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан келган ривоятда: “Қайси киши бирор кўчат экса, унга ўша кўчатдан чиққан мева миқдорича яхшилик ато этилади”, дейилади. Бу эса мукофотнинг миқдорини белгилаш билан бирга, деҳқончиликнинг фазилати нақадар улуғ эканини кўрсатади.

Кўп саҳобалар, ҳатто айрим пайғамбарлар ҳам шундай ишлар билан шуғулланишган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу Дамашқда кўчат экиб турганларида олдиларидан бир киши ўтиб: “Расулуллоҳнинг саҳобаси бўлатуриб, кўчат экиб ўтирибсизми?” деди. Абу Дардо (р.а.): “Шошма, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким бир кўчат экса, ундан одам боласи ёки Аллоҳнинг яратганларидан бирортаси еса, унга шу сабабли садақа бўлади”, деганларини эшитганман, деб айтди” (Имом Аҳмад ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда шундай башорат келган: Қайси мусулмон бирор ниҳол экса, ундан ейилгани унинг учун садақа бўлади, ундан ўғирлангани унинг учун садақа бўлади, ундан ҳайвонлар егани унинг учун садақа бўлади, ундан қушлар егани унинг учун садақа бўлади, ундан биров юлиб олгани унинг учун садақа бўлади” (Абд ибн Ҳумайд). Чунки унинг боғи ёки экинидан бирор нарса ўғирланиши унинг учун мусибатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон унга етган ҳар бир мусибат учун, ҳатто боғичининг узилишига ҳам ажр олади”, (Имом Аҳмад ривояти).
            Анас розияллоҳу анҳу дан: “Қиёмат қоим бўлиб қолиб, бировингизнинг қўлида кўчат бўлса ва қиёмат бўлгунча экишга имкони бўлса, эксин” (Имом Аҳмад ривояти).

   Аллома Мовардий р.х. айтадиларки: “Инсоннинг тирикчилиги уч нарсага боғланган бўлади: деҳқончилик, тижорат ва ҳунармандчилик. Менинг наздимда деҳқончилик энг покизаси ва энг афзалидир”, деганлар.

Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: Эй, Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг дедилар. Шунда, Отам: Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди дедилар. Шунда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай қилманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг деб, ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бўш турган ерни кўриб, кўчат экишга буюрибгина қолмай балки ўзлари ҳам кўчат экишда иштирок этганлар.

Динимизда экин, кўчат экиш, деҳқончилик билан шуғулланишнинг ҳукми фарзи кифоядир. Баъзилар адо қилсалар, қолган инсонлардан соқит бўлади. Агар ҳеч ким қилмаса, барча одамлар бирдек гуноҳкор бўладилар. Ер юзида экин, кўчат экиш, деҳқончилик қилишнинг фарзи кифоя бўлиши инсонлар ва бошқа мавжудотларнинг ризқи унга боғлиқ бўлганлиги учундир. Ер юзида илк бор қилинган меҳнат ҳам айнан деҳқончилик бўлган. Хабарларда келадики, Одам алайҳиссалом жаннатдан ер юзига туширилганида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Сизларнинг касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар. Шунинг учун деҳқончилик асбоб ускуналарини, у омочми, кетмонми, белкуракми ўзи ишлатмаса, ўзгалар сўраб келганда улардан қизғанмай бериш, фазилат ҳисобланади ва уйидан хорлик кўтарилишига сабаб бўлади. Қайтага асбоб, иш қуроли ишлаб турса зангламай ўткир бўлиб туради. Аллоҳ таоло ҳам Қуръони Каримнинг “Маъун” сурасида: “Ва рўзғор буюмларини (кишилардан) маън этадиганларга вайл бўлсин”, деган. Деҳқончилик қилиш, экин экишнинг яна бир фазилатларидан бири, деҳқон ҳаққига ҳатто Аллоҳ таолонинг мукаррам бандалари — фаришталар ҳам истиғфор айтиб туришади.  Аллоҳ таоло бу гўзал юртимизни бундан хам обод ва фаровон бўлишлигини бардавом айласин. 

Баҳодир Шарипов,
Чуст тумани “Мавлоно Лутфуллоҳ” жоме 

масжиди имом хатиби