Жамият аъзоларига муносабат

АМАЛЛАРИМИЗДА  ИХЛОСНИНГ АҲАМИЯТИ

АМАЛЛАРИМИЗДА  ИХЛОСНИНГ АҲАМИЯТИ

“Ихлос” сўзи “тозалаш” ва “поклаш” маъноларини билдиради. Яъни, амалларни ғаразли мақсадлардан тозалаш, соф ва холис бир кўринишга келтиришдир. Ихлоснинг зидди риё ва сумъа, яъни одамлар кўриши ва эшитиши учун амал қилишдир.

Ихлоснинг истилоҳий маъноси ҳақида уламоларимиз бир қанча таърифлар келтирганлар. Аллома Изз ибн Абдусалом шундай дейдилар: “Ихлос -мукаллаф киши ибодатни фақат Аллоҳ таоло учун қилиш, одамлардан ҳурмат-эътибор кутмаслиги, бирор диний фойда кўриш ёки дунёвий зарардан қутилишни қасд қилмаслиги керак”.  Саҳл ибн Абдуллоҳ ихлос ҳақида: “Ихлос - банданинг ҳаракати ҳам, сукунати ҳам, фақат Аллоҳ таоло учун бўлишидир”, - деган. Абу Али Даққоқ: “Ихлос - амални одамларнинг мулоҳазасидан ( яъни,бу ишимни одамлар мақтайдими ёки ёмонлайдими, деб ўйлашдан ) поклашдир”, - дейди. Ихлос - киши  ёмонликларини яширгани каби савоб ишларини ҳам беркитишидир. Ихлоссиз қилинган амал кўринишида ҳар қанча улуғ, ҳар қанча катта бўлмасин, у саробдир. Охиратда эгасига фойда келтирмайди.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ихлос билан қилинган амал инсонни нажотга бошлаши ҳақида шундай дейдилар: “Аввал ўтган умматлардан уч киши сафарга чиқиб, бошпана сифатида бир ғорга кирдилар. Ғорнинг эшиги тоғдан тушган катта тош билан беркилиб қолди. Шунда улар: “Бу тошдан бизни Аллоҳ таолога холис қилган амалларимиз билан дуо қилиш қутқаради"- дейишди. Улардан бири: “Эй Аллоҳ! Менинг қари ота - онам бор эди. Уларни доимо бола- чақаю чорполаримдан аввал таомлантирардим. Бир марта ниманидир излаб узоққа кетиб қолдим. Қайтганимда ота- онам ухлаб қолишган экан. Сут соғдим, бола-чақа, чорполарни улардан аввал таомлантиришни хуш кўрмадим. Тонггача уларнинг бошида, идишни қўлимда ушлаб турдим. Ниҳоят улар туриб сутни ичишди. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер",- деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. 

Иккинчиси: “Амакимнинг бир қизи бор эди. Уни жуда яхши кўрардим. У билан бирга бўлишни хоҳлаганимда, қиз рад қилди. Очарчилик йилида ўша қиз ёнимга муҳтож бўлиб келди. Қизга 120 динор бердим ( тахминан 510 грамм тилланинг қийматига тенг бўлади ). Фақат бунинг эвазига қиз билан бирга бўлиш ( зино ) ни хоҳладим. У рози бўлди. Муродимга етай деганда қиз: “Мен сенга ҳалол эмасман, муҳрни ҳаққи билан очгин”,- деди. Дарҳол ўрнимдан туриб кетдим, ваҳолангки, у менга энг севимли аёл эди. Берган динорларимни ҳам қайтариб олмадим. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”,- деб дуо қилди. Тош бироз силжиди, лекин чиқа олмадилар. 

Учинчиси гап бошлади: “Бир қанча мардикорларни ишлатдим. Ҳаммасининг иш ҳаққисини бердим. Лекин биттаси ҳаққини олмай кетди. Унинг иш ҳаққисини кўпайтирдим, бир қанча мол мулк бўлди. Кунлардан бир кун ўша мардикор келиб, ҳаққини сўради. Кўриб турганинг, мана шу туялар, сигирлар, қўйлар ва қулларнинг ҳаммаси сеники, олиб кетавер дедим. У: “Эй Аллоҳнинг бандаси! Мени масхара қилма, мен иш ҳаққимни сўраяпман”,- деди. Сенинг устингдан кулаётганим йўқ, олиб кетавер, дедим. У ҳеч нарса қолдирмай олиб кетди. Эй, Аллоҳ! Мана шу ишни ихлос билан сен учун қилган бўлсам, нажот бер”,- деб дуо қилди. Тош сурилди, ғордан чиқиб кетдилар”( Имом Бухорий ривояти).

Имом Шофеий машҳурликдан қочиб шундай дер эди: “Одамлар мана шу илмни ( яъни, у зотнинг китобларини ) ўрганиб, ундан бирор нарсани менга нисбат бермаслигини хоҳлардим”. 

Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими ёки йўқми фарқи бўлмайди. 

Бугунги кунда ҳам ибодат, муомала, тўй- маърака маросимлари ва бошқа амалларимизда ихлосга жуда муҳтожмиз. Яхшилаб ўрганиб кўрсак, анча мунча ишлар риё ва хўжакўрсинга чиқиб кетади. Ном чиқариш учун қанча ҳаракат, қанча харажат қиламиз. Лекин натижада ҳеч қандай савобсиз қоламиз. Шунинг учун ҳар бир ишимизда ниятни тўғрилаш, ғаразларсиз холис амал қилиш асосий мақсадимиз бўлиши керак.  Оз бўлсада ихлос билан қилинган амаллар, охиратда банданинг саодат топишига сабаб бўлади иншaaллоҳ. 

Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳар “Шайх эшон” жоме 
масжиди имом хатиби