Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ва Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, икковлари айтдилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга хутба қилиб: «Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки» деб уч марта айтдилар. Кейин бошларини қуйи солиб туравердилар, туравердилар...
Биздан ҳар бир киши йиғлар, у зотнинг нима учун қасам ичганларини билмас эдик. Охири бошларини кўтардилар. Юзларида севинч аломати бор эди. Бу биз учун энг яхши неъматлардан ҳам маҳбуброқ эди.
Сўнгра: «Қайси бир банда беш вақт намозини ўқиса, Рамазон (рўзаси)ни тутса, закотини чиқарса ва етти катта гуноҳдан четда бўлса, албатта, унинг учун жаннатнинг эшиклари очилур ва унга «Салом ила кир!» дейилур», дедилар». (Насоий ривоят қилган.)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам Рамазон ойини фазилати хусусида шундай марҳамат қиладилар: “Бу ойнинг аввали раҳматдир, ўртаси мағфират ва охири эса дўзахдан нажотдир”.
Имом Бухорий ривояти.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Рўза тутган кишининг уйқуси ибодат, сукут сақлашлиги Аллоҳга тасбеҳ, қилган амалининг савоби орттириб берилади, дуолари ижобат ва гуноҳи кечирилгандир” - деб марҳамат қилдилар.
Қалбимизни ва вужудимизни иллатлардан халос қилиш ва ибодатлар ила Жаноби Ҳаққнинг чексиз раҳмати ва мағфиратига эришиш учун бу ой – энг ажойиб фурсат. Шундай экан, биз ҳам аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири жаҳаннам оташидан қутилиш ойи бўлган Рамазоннинг охирини энг гўзал, энг фаол тарзда ўтказишга ҳаракат қилайлик.
Агар сенга ушбу калитлардан бири олтин ва жавоҳирлар тўла хазинанинг калити дейилса, уларнинг бирини олиш ҳақида ўйланасанми ёки ҳаммасини бирдан олиб қўя қоласанми?
Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги ҳам шундай.... Уларни барчасини ғанимат бил!
Жаннат эса жидди жаҳд қилганлар учун зийнатланди.
Рамазон ойининг қолган туну кунларида шиорингиз шундай бўлсин:
"Аллоҳ сари интилишда ҳеч ким мендан ўзиб кетолмайди".
Рўзангиз видолашувчининг рўзасидек, қиёмингиз видолашувчининг қиёмидек бўлсин.
Зеро, Рамазонда ҳали бир ракат учун, бир дуо учун, бир кўзёш учун, бир тиловат учун қолган вақт бор...
Бутун ҳаётингиз оқими (яхши томонга) айланиб кетиши мумкин, шундай экан, (ушбу соатларни) ғанимат билинг.
Аллоҳ таоло айтади: "Роббингизнинг мағфиратига ва Аллоҳга ҳамда Унинг расулларига иймон келтирганлар учун тайёрланган, кенглиги осмону ернинг кенглигича бўлган жаннатга мусобақалашинг", Ҳадид сураси, 21 - оят.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Жаннатда бир хона бор, унинг устки кўриниши ичидан, ички кўриниши устидан кўринади. У хонани Аллоҳ таоло овқат улашган, сўзини мулойим қилган, рўзани (рамазондан кейин ҳам) давом эттирган ва одамлар ухлаганида намоз ўқиганлар учун тайёрлаб қўйган", дедилар. (Имом Аҳмад ва Байҳақий ривояти).
Агар рамазонни чиройли кутиб олмадингми унда видолашувни гўзал тарзда адо қил. Ибрат оладиган жойи охири мукаммал бўлганидадир, аввали камчилик бўлганида эмас.
Ҳасан Басрий: "Сен рўзани қолганини чиройли адо қил, Аллоҳ ўтгандаги камчиликларини кечиради", деганлар.
Сен қолганини ғанимат бил! Аллоҳнинг раҳматини қачон топишни билмайсан. Эҳтимол у Рамазоннинг охирги соатида бўлиши мумкин!
Ҳаммам ибн Яҳё айтади:
- “Омир ибн Абдуллоҳ хасталаниб қолгач, қаттиқ йиғлади. Бу касаллик уни олиб кетиши аниқ эди. Ёнида ўтирганлар у зотга:
- “Эй Абу Абдуллоҳ, нимага бунчалик йиғлаяпсиз?” - дейишди. Омир:
- “Мени йиғлатган нарса Аллоҳнинг Китобидаги ушбу оят” - деб, қуйидаги оятни ўқиди:
- “Аллоҳ (амалларни) тақводорлардан қабул қилур”. (Моида сураси, 27-оят).
Аллоҳ таоло тақводорлар қаторида бўлишликни барчамизга насиб қилсин !
Ҳудайбердиев Муҳиббуллоҳ
Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани бош имом хатиби.