Инсон бу дунёда қанча мартабага эришмасин, қанча бойлик тўпламасин ёки машҳурликка етмасин, агар унинг қалбида оилавий ҳаловат бўлмаса, ҳаётида нимадир етишмайди. Чунки инсон руҳининг оромгоҳи — меҳрга тўлган хонадон, самимиятга қурилган оиладир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда эр-хотин муносабатларининг моҳиятини шундай баён қилади: “Унинг оятларидан бири — сизлар ҳузур-ҳаловат топишингиз учун ўз жинсингиздан жуфтлар яратгани ва ўрталарингизда меҳр ва раҳм пайдо қилганидир.” (Рум сураси, 21-оят)
Бу оятдаги “ҳузур-ҳаловат” сўзи оиланинг асл мақсадини очиб беради. Демак, никоҳ фақат бирга яшаш эмас, балки қалблар ором топадиган муқаддас ришталардир.
Баъзан инсон ташқи дунёда кучли, жасур ва муваффақиятли кўринади. Аммо уйига кирганда меҳрсизлик, совуқ муносабат ва ҳурматсизликка дуч келса, унинг қалби аста-секин чарчайди. Аксинча, жуфтидан илиқ сўз, эътибор ва садоқат кўрган инсон ҳатто оддий ҳаёт кечирса ҳам ўзини бахтли ҳис қилади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мўминларнинг иймони энг комили — хулқи энг чиройлиси ва аҳли аёлига энг яхши муносабатда бўлганидир.” (Имом Термизий ривояти)
Демак, инсоннинг ҳақиқий одоби кўчада эмас, оиласига бўлган муомаласида намоён бўлади.
Оиладаги ҳаловатнинг асоси — меҳр ва ҳурматдир. Эр хотинини қадрласа, хотин эрига эҳтиром кўрсатса, хонадонга барака ёғилади. Чунки ҳурмат йўқ жойда муҳаббат узоқ яшай олмайди.
Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оилаларига нисбатан энг мулойим инсон эдилар.” (Имом Бухорий ривояти)
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари биз учун энг гўзал намунадир. У зот уй ишларида ҳам аёлларига ёрдам берганлар, ширин муомала қилганлар ва қалб озор беришдан қаттиқ қайтарганлар.
Бугун кўпчилик бахтни бойликдан, мансабдан ёки машҳурликдан излайди. Ваҳоланки, ҳақиқий бахт — кечқурун уйингизга қайтганингизда сизни кутиб олган самимий табассумда, фарзандлар кулгисида ва жуфтингиз меҳридадир.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Улар сизлар учун либос, сизлар ҳам улар учун либоссизлар.” (Бақара сураси, 187-оят)
Либос инсонни қандай тўсса, асраса ва безаса, эр-хотин ҳам бир-бирининг айбини ёпиб, қалбини асраб яшаши керак.
Оила — бу фақат бир уй эмас. У — ишонч маскани, меҳр мактаби ва қалблар паноҳидир.
Агар хонадонда ҳаловат бўлса, инсон ҳаётнинг оғир синовларини ҳам енгил кечиради.
Шунинг учун бахтни узоқдан эмас, аввало оиламиздан излашимиз керак. Чунки ҳаловат — меҳр бор жойда, меҳр эса солиҳ оилада бўлади.
Аллоҳ таоло барча хонадонларга меҳр, барака ва ҳаловат ато этсин.
Ҳамроқулов Хайруллоҳ
Тўрақўрғон туман “Абдуғаффор қори” жоме
масжид имом хатиби