• Home
  • Раддия
  • АЛЛОҲНИНГ АРҚОНИНИ МАҲКАМ ТУТИНГ ВА БЎЛИНИБ КЕТМАНГ!
Раддия

АЛЛОҲНИНГ АРҚОНИНИ МАҲКАМ ТУТИНГ ВА БЎЛИНИБ КЕТМАНГ!

АЛЛОҲНИНГ АРҚОНИНИ МАҲКАМ ТУТИНГ ВА БЎЛИНИБ КЕТМАНГ!

“Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг; бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз”. 

Бу улуғ сўзлар барча мўминларга Авс ва Хазраж қабилалари мисолида огоҳлантириш учун нозил бўлди. Гўёки: «Билингларки, Исломдан аввал фахрланиш Исломда ҳеч бир қадри йўқ нарсалар билан бўлар эди. Лекин Ислом келганидан бошлаб фахрланиш фақат Ислом билан бўладиган бўлди».

Бир инсон Исломдан аввалги пайтда «бизда ундай, бизda мундай» деб мақтанган бўлса, бу ерда унга раддия келяптики: «Йўқ, бу Исломдан аввал бўлган эди». Авс қабиласи Исломдан кейин ҳам: «Хузайма биздан», дейишди. Хазраждан бирлари эса: «Абу Убайдуллоҳ ибн Каъб, Зайд ибн Собит биздан», дейишди. Авсдан яна бирлари: «Ханзала ибн Роҳиб биздандир», дейишди (Ханзала — фаришталар ғосиллик қилган саҳобий).

Хузайма ибн Собит ҳам улуғ саҳобадир, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бир ўзининг гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлигига ўтади, деганлар. Чунки Хузайма нуроний имон соҳиби эдилар. Имоннинг нуронийлиги тўғри йўлга ҳукм чиқаришга етаклайди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аъробийдан от сотиб олдилар. Пулини олиб келиш учун кетганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сотиб олганларини билмаган баъзилар отни қимматроқ нархга олишларини айтдилар. Аъробий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга отни сотганини инкор қилиб: «Агар сотиб оладиган бўлсанг, пулини бергин, бўлмаasa мен бошқаларга сотаман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аъробийга: «Менга сотдим демаган эдингми?» — дедилар. Аъробий: «Йўқ, ундай бўлса, сотганимга гувоҳингни келтир», деди.

Аъробий олди-сотди бўлган вақтда бирор киши гувоҳ бўлмаганидан фойдаланмоқчи бўлди. Бу можаро бўлиб турган вақтда Хузайма ибн Собит розияллоҳу анҳу уларнинг ёнларида турган эди. У: «Эй Расулуллоҳ, Сизнинг сотиб олганингизга мен гувоҳлик бераман», деди. Аъробий ўзининг ёлғон гапираётганини билгани учун, эҳтимол, бу киши кўргандир, деб жим бўлди ва отни бериб кетди.

Аъробий кетганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хузайма розияллоҳу анҳуни чақириб: «Эй Хузайма, ўзинг олдимизда бўлмай туриб нега гувоҳлик бердинг?» — дедилар. Хузайма: «Мен Сизнинг барча самовий хабарларингизни тасдиқлайману қандай қилиб бошқа сўзларингизни тасдиқламайин? Биламанки, Сиз албатта рост сўздан бошқасини гапирмайсиз, биз динимиздаги бундан ортиқроғига ҳам имон келтирганмиз», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хузайма розияллоҳу анҳуда нуроний имон, аниқ ҳукм ола билиш қобилияти борлигини билиб: «Кимга Хузайма гувоҳлик берган бўлса, кифоя қилади», дедилар. Бу билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хузайманинг бир ўзининг гувоҳлиги икки кишининг гувоҳлиги билан тенглигига ишора қилдилар.

Аллоҳ таоло Қуръони каримни жамлашда Авс билан Хазраж вакилларини қандай жамлаганини кўринг. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Қуръонни жамлашда бирор бир оятни бир жойда ёзилган топсам ва унга икки киши гувоҳлик берадиган бўлсагина ёзаман, деб ўзимга қасам қилдим. Тавба сурасининг охирини ёзилган топдиму лекин унга Хузаймадан бошқа ҳеч ким гувоҳлик бермади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Хузайма тўғрисида: "Кимгаки Хузайма гувоҳлик берса, кифоя қилади", деганлари ёдимга тушиб, ушбу оятни ёзиб қўявердим».

Билишимиз лозимки, Зайд ибн Собит Хазраждан, Хузайма эса Авсдан эди. Аллоҳ таоло уларни Қуръон жамлашда ҳамкор қилиб қўйди. Хазражликни Авсликка ёрдамчи, ҳамкор қилди. Бу билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга янги маънони далолат қилмоқда. Яъни, Исломдан аввал фахрланиш Исломсиз бўлган эди, лекин Ислом келганидан кейин қайси бир киши қайси жинсдан бўлишидан қатъи назар, модомики Исломи гўзал экан, у билан фахрланиш жоиз.

Эй Авсий! «Хузайма биздан», дейишдан тийил! Хузайма Хазражий учун ҳам фахрдир. Шунингдек, Хазражий ҳам «Зайд ибн Собит биздан», деб керилмасин, Зайд ибн Собит Авсий учун ҳам фахрдир. Чунки Аллоҳ таоло ҳар иккаласини ҳам Қуръонни жамлашда ва Исломда бирга, ҳамкор қилиб қўйди. Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушлаш мана шундай бўлади.

Ҳақ субҳанаҳу ва таоло: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг; бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди», деди. Авс билан Хазраж асли бир отадан тарқаган оға-инилар бўлишига қарамасдан ораларида юз йигирма йил ошкора уруш давом этган. Ислом келган пайтда Аллоҳ уларнинг қалбларини улфат қилди, Аллоҳнинг неъмати ила яна ака-ука бўлдилар. Бу бизга аъзолардан биридаги оғриқли жароҳат орқасида қалбнинг мойил бўлиши, қўзғолиши ёки ҳаяжони туришини англатади. Қўл бирор кишига ўзидан ўзи зарба бермайди, балки уриш нияти аввало қалбда пайдо бўлади. «Бас, қалбларингизни улфат қилди».

Албатта, Аллоҳ таоло айтади: «Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди». Кимки чуқурнинг қирғоғида, ёқасида бўлса, унга тушиб кетиши мумкин. Ҳақ таоло бу билан Исломни қабул қилдиларинг, агар Ислом бўлмаганда дўзахга тушар эдинглар, демоқда. Яна Аллоҳ таоло айтади: «Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятlarini баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз».

Биз бу дунёда Ислом неъматини ана шундай кўрамиз. Исломнинг инсонни дўзахдан қутқариш имконияти кутиб туришга муҳтож эмас, балки мўмин киши шу дунёда уни кўриши мумкин. Араблар Ислом келмасидан илгари ихтилофларга чўмган, миллатпарастлик, қабилапарастлик кенг тарқалган, кундан-кунга тафриқаланишда эди. Ислом келганидан кейин биродарларга айландилар. Ҳақ таоло уларга хитоб қилади: «Бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз».

Бу билан сизу биздан ўз ичимиздаги шариатга амал қилишни талаб қилмоқда. Билингки, бу шариат сиздан давомийликни истайди. Ҳақ таоло: «Эй имон келтирганлар» деганида, яъни «Эй Менинг сўзимдан аввал имонда, имон билан бўлганлар, бу каломимдан кейин яна имонларингизни янгилаб олинг, токи имонингиз давомий бўлсин», деганидир.

Мана, азизлар, Аллоҳ таоло ушбу қисқа, лекин буюк ҳаётий ҳикматни ўз ичига олган ояти каримаси билан бизга бирлик, иттифоқлик бўлишни ўргатиб, Ўзининг арқони — Қуръони каримга амал қилиб, шариатини маҳкам тутишга буюрмоқда. Хўш, бугунги, турли чиройли исмлар ортига ўзларининг ғайримақсадларини яшириб, Исломни ёмон отлиқ қилаётган, ўзини салафий атаб олган мутассиб (мутаассиб) оқимларчи? Улар нимани тарғиб қилишмоқда?

Улар ушбу ояти каримага зид равишда мусулмонларни бўлинишга, бир-бирларини кофир атаб, биродаркушлик урушларига шўнғишга, тинч-тотувликни йўқотиб, юртларни вайрон қилишга, оқибатда Исломни, мусулмонларни ўзаро душманликка олиб борадиган аянчли хотима сари тарғиб қилмоқдалар. Афғонистон, Сурия, Ироқ, Ливия, Судан ва бошқа жойларда бўлиб ўтган уруш, вайронгарчилик, террор бунга яққол гувоҳ бўлиб турибди.

Бугунги ёшларимиз ушбу ояти каримани яхши тушуниб олишлари лозим. «Динимни ўрганаман», деб интернет саҳифаларидаги «ҳижрат», «жиҳод», «шаҳидлик» деб оғиз кўпиртираётган жаҳолат, разолат ва ўзаро душманлик тарғиботчиларига кўр-кўрона эргашиб, мазкур ояти карима ҳукмига зид ишларни қилиб қўйишдан сақланишлари лозим.

Интернет маълумотлари асосида тайёрланди

Адҳамжон Абдураҳмонов,

Поп туман “Кичик Хўжаобод” жоме масжиди имом-ноиби