Жамият аъзоларига муносабат

АЛЛОҲИМ, БИЗГА БУ ДУНЁДА ҲАМ ЯХШИЛИКНИ БЕРГИН, ОХИРАТДА ҲАМ ЯХШИЛИКНИ БЕРГИН.

АЛЛОҲИМ, БИЗГА БУ ДУНЁДА ҲАМ ЯХШИЛИКНИ БЕРГИН, ОХИРАТДА ҲАМ ЯХШИЛИКНИ БЕРГИН.

وَمِنۡهُم مَّن یَقُولُ رَبَّنَاۤ ءَاتِنَا فِی ٱلدُّنۡیَا حَسَنَةࣰ وَفِی ٱلۡـَٔاخِرَةِ حَسَنَةࣰ وَقِنَا عَذَابَ ٱلنَّارِ﴿ ٢٠١ ﴾

Ва улардан баъзилари: "Роббимиз бизларга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин" дейди.(Бақара сураси 201-оят.

  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хасталаниб, озиб кетган кишини кўргани бордилар. Унинг аҳволи эътиборларини тортди. Сўрадилар:

– Бирор нарса деб дуо қилганмидинг?

– Аллоҳим! Охиратда берадиган азобингни шу дунёда бергин, – деб дуо қилгандим.

– Субҳаналлоҳ! Бунга тоқатинг етмайди-ку! Нега: “Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни бергин, охиратда ҳам яхшиликни бергин”, деб сўрамадинг? – деб ҳайрон бўлдилар Пайғамбар алайҳиссалом.

  Бемор ушбу дуони ўқиган эди, Аллоҳ унга шифо берди.

  Одам тилига эҳтиёт бўлиши керак. Гоҳо кишилар Аллоҳга Унинг раҳматига терс бўлган шартларни қўйиб дуо қилишади. Хатоларини тушунишлари учун Ҳақ таоло уларга сўраганларини беради. Ривоятдаги саҳобий ҳам охиратдаги азобдан қўрққанидан ҳамма машаққат шу дунёда бўлишини хоҳлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга тўғри йўлни кўрсатдилар. Икки дунёда ҳам нажот топишни сўраш лозимлигини айтдилар.

  Гоҳида бола касалланса, онаси: “Сенинг ўрнингга мен оғрисам, бўлмасмиди?!” деб нидо қилади. Албатта, мазкур дуо замирида онанинг фарзандга меҳр–шафқати ётади. Аммо бу жоҳиллик. Боласи, ўзи учун ҳам саломатлик тилаш мумкин бўлгани ҳолда, нега жонига жабрни сўраши керак?

  Банда қачон дуоси ижобат бўлишини билмайди.

Шунинг учун доимо Аллоҳдан яхшиликни сўрайвериши лозим. Болалар уйда тўполон қилганда баъзи оналар қарғаб қолади: “Ҳов, балога учрагурлар, жим бўлинглар!” Бу қарғиш ижобат бўлиб қолса–чи?!

  Аллоҳдан фақат яхшиликни сўрайвериш лозим. Уни ҳеч нарса ожиз қолдиролмайди. 

Абдулбосит Лутфуллаев,
Наманган шаҳар "Боқи Мирзо" жоме
 масжиди имом-ноиби