• Home
  • Раддия
  • АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАНИНГ МЎЪТАДИЛ МАЗҲАБИ
Раддия

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАНИНГ МЎЪТАДИЛ МАЗҲАБИ

АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОАНИНГ МЎЪТАДИЛ МАЗҲАБИ

Ислом динининг аҳли сунна вал жамоа йўналишида тўртта машҳур мазҳаб бўлиб, улар ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларидир. Мазкур тўрт мазҳабнинг барчаси мўътабар бўлиб, мусулмон киши уларнинг бирига эргашиши вожиблигига ислом уммати иттифоқ қилганлар. Бизнинг диёримиздаги мусулмонлар ҳанафий мазҳабига амал қиладилар. Ҳозирги кунда дунё мусулмонларининг деярли ярми айнан ҳанафий мазҳабимизга амал қилиб, ўз ибодатларини шу мазҳабга мувофиқ адо этиб келмоқдалар. 

Ҳанафий мазҳаби асосан Марказий Осиё, Покистон, Эрон, Туркия, Афғонистон, Ҳиндистон, Россия мусулмонлари ўртасида, Араб мамлакатларидан Ироқ, Миср, Сурия, Ливия каби юртларда кенг тарқалган. Шу жумладан бизнинг минтақамиз мусулмонлари ҳам ҳанафий мазҳабига амал қилиб келадилар. 

Ҳанафий мазҳабининг фиқҳий қарашлари бу қадар ривож топиб, кенг ҳудудга ёйилишида юртимиздан чиққан алломалардан Абу Ҳафс Кабир, Бурҳониддин Марғиноний, Садруш-шариъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд ал-Бухорий каби алломаларнинг ўрни беқиёсдир. 

Ҳанафий мазҳабимизнинг асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий Куфа шаҳрида ҳижрий 80-санада таваллуд топдилар. Бу зотнинг илмлари, тақволари, ибодатлари, саховатлари ва ҳоказо сифатлари барчага маълум ва машҳур бўлиб, бу ҳақда кўплаб мақола ва китоблар ёзилгандир.  

Мазҳабимиз ўзининг мўътадиллиги, Исломнинг асл мазмун-моҳиятини ифодалаб бериши билан асрлар оша диёримиз мусулмонларининг ўзаро ҳамжиҳатлигида, турли ҳуқуқий муаммоларни осон ҳал қилинишида, баъзида юзага келадиган ҳар хил зиддиятларнинг бартараф этилишида муҳим асос бўлиб келмоқда. 

Ушбу мазҳаб ўз моҳияти, таълимоти ва қўллаган услуби мўътадиллик билан жамиятларда юз бериб турадиган ҳуқуқий муаммоларни ҳал этиш имкониятига эга бўлиб, ҳар қандай саволга жавоб топа олади. Бундай имконият шундан келиб чиқадики, Ҳанафий мазҳаби бирор бир масала бўйича насс (Қуръон ёки ҳадислар матни) мавжуд бўлмаса, қиёс ва унинг энг муҳим тури бўлмиш қиёси хафий, яъни ёпиқ ёки яширин қиёс (истеҳсон)га таяниб иш олиб боради, шунингдек, урф-одатга катта эътибор қаратади. 

Абу Ҳанифа асос солган мазҳаб саккизинчи аср ўрталарида у кишининг ҳаётлик чоғиданоқ тарқала бошлаб, шу асрнинг охирларида узоқ-яқин ўлкаларда кенг тарқалган. Мазҳаббошимиз асос солган мазҳабларида бизнинг миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимиз ҳам ўзига керакли ёндошувларни қамраб олган. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бизнинг динимиз ва миллий қадриятларимиз етарли даражада бир-бири билан боғлиқ эканлиги айни ҳақиқат. Бу борада биз ёшлар юртбошимизнинг ушбу сўзларини доимо ёдда тутиб юришимиз лозимдир: «Ислом дини – бу ота-боболаримиз дини, у биз учун ҳам иймон, ҳам ахлоқ, ҳам диёнат, ҳам маърифат эканлигини унутмайлик».  

 

Абдулҳаким С У ФИЕВ , 

Янги Наманган тумани “Саид Собитхон”  

жоме масжиди имом-хатиби