Байрам ва марака маросимлари

АЙЛАМАК БЎЛМАС АДО ОНИНГ ҲАҚҚИН МИНГ ГАНЖ ИЛА!

АЙЛАМАК БЎЛМАС АДО ОНИНГ ҲАҚҚИН МИНГ ГАНЖ ИЛА!

 

Мамлакатимизда устоз ва мураббийларга эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш, ижтимоий имтиёзлар яратиш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Жамиятнинг маънавий-маърифий даражасй устоз ва мураббийларга бўлган муносабатга қараб баҳоланади. Жамиятнинг кўп қисмини ташкил қилувчи ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган устоз ва мураббийларимизни ҳар вақт ҳурматлашимиз ва эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлодни баркамол ва етук маърифатли бўлиб етишипшда уларнинг хизматлари каттадир. Ўзбекистон бугунги дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда тенглар ичра тенг овоз билан халқаро майдонда ўз мавқеъига эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёсдир. Шу муносабат билан юртимизда ҳар йили 1 октябрь куни "Устозлар ва мураббийлар куни", деб белгиланиб, шу кунда халқимиз байрам қилиб, устозларга кўпроқ хурмат-иззат кўрсатадилар, дилларига хурсандчилик бахш этишга ҳаракат қиладилар.

Динимиз таълимотига кўра ўзгаларга таълим берган киши нафақат дунёда иззат ҳурматда бўлади, балки вафотидан кейин ҳам қолдирган манфаатли илми, таълим берган шогирдларининг хизмати, ёзган асарларидан ўзгаларнинг фойдаланиши туфайли номаи амалига савоб тўхтовсиз бориб туради.

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоий бобомизнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади: “Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила, Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин минг ганж ила”, хазрат Алишер Навоийнинг ўз устозлари Абдураҳмон Жомейга бўлган эҳтиромлари ва садоқатлари зарбул – масал бўлиб келмоқда. Ҳақиқатан ҳам, "Устоз отангдек улуғ" деб, аждодларимиз бежиз айтишмаган. Чунки, ота фарзандни дунёга келтирган бўлса, устоз унга одамийлиқдан сабоқ берган. Бир машҳур зотдан, нима учун устозингизни отангиздан ҳам ортиқ кўрасиз, деб сўрашганда: Отам мени жисмимни тарбиялаб ерга тушишимга сабаб бўлган, устозим эса руҳимни тарбиялаб кўкка етишимга сабаб бўлди, деган экан.

Шундай экан, устоз ва мураббийлар ҳар қанча эъзозланса арзийди.

Баркамол авлод ва соғлом жамият олдида катта масъулият соҳиби бўлган барча устоз ва мураббийларимизга мустаҳкам сиҳат-саломатлик ва икки дунё саодатига мушарраф этишини сўраймиз. Барча устоз ва мураббийларни, заҳматкаш ва меҳрибон устозларимизни “Устоз ва мураббийлар” байрами билан чин қалбимдан муборакбод этамиз. Дилларимиздаги энг яхши тилакларимиз сизларга бўлсин. Таълим-тарбия йўлларида ҳорманг-толманг.

Баҳодир Шарипов,

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 

Чуст туман вакили ва Мавлоно Лутфуллоҳ

 масжиди имом хатиби